Каримжон Мирзаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳисобчилик касбига бежизга қизиқмаган экан. У ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрган кезлари ҳисоб рақамлари орқали миллион-миллион сўм пулларнинг у ёқдан бу ёққа ўтаётганини, кассирнинг дам-бадам “нақди”ни санаётганинини кўриб қувонар, кунлар келиб бу “операция”лар ортидан ўзи ҳам мўмайгина пул ишлаб олишини ўйлаб, мамнун жилмайиб қўярди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Ниҳоят, 2007 йилда туман ҳокимлиги Маданият ва спорт ишлари бўлими бош ҳисобчиси лавозимига тайинлангач, у кутган кунлар етиб келганини англади. Бироқ кўнглига тугиб қўйган ишларини бирданига амалга ошириб бўлмаслигини ўйлаб, 2013 йилгача “майда ишлар” билан кифояланди. Бора-бора табиатида хотиржамлик пайдо бўлиб, эгри ишлардан асло чўчимайдиган даражага етди. 

К.Мирзаев 2013 йилнинг октябрь ойида “Маданият ва спорт бўлими ходимларининг банк пластик карточкаси учун иш ҳақи маблағлари ҳисобидан ўтказишга тузилган рўйхат”га ўзининг исм-фамилиясини киритиб, бўлим мудири С.Қобилованинг имзосини сохталаштирган ҳолда ўз пластик карточкасига 1 млн.733 минг сўм, декабрь ойида яна 12 млн.542 минг сўм ўтказиб, бу маблағларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.

Кейинги йили бўлимда раҳбар янгиланди. К.Мирзаев унинг имзосини ҳам тезгина “ўзлаштирди”.  У 2014 йил март ойида ўз пластик карточкасига бўлим мудири И.Саматовнинг имзосини сохталаштирган ҳолда 6 млн.498 минг сўм, апрель ойида 4 млн.304 минг сўм, декабрь ойида 22 млн.381 минг сўм, 2015 йил апрель ойида 5 млн.50 минг сўм, жами 70 млн.221 минг сўм мукофот пулларини “ходимларига тарқатиш учун” деган баҳона билан тушириб олди. Ўз навбатида, бу пулларни ишчи-ходимларга тарқатмай, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юраверди.

Назорат органлари томонидан бўлимда ўтказилган текширишда унинг кирдикорлари фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди К.Мирзаевнинг қилмишига яраша тегишли жазо тайинлади. Пластик карточкасига тушириб олган 70 млн.221 минг 738 сўм пул маблағлари эса тўлиқ қайтарилди.