23-24 июнь кунлари кириш визаларида қайд этилган Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддати тугаган чет эл фуқароларига нисбатан жарима белгиланмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилган.

"Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлиси ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон аэропортларидан халқаро авиарейсларнинг келиш ва кетиш вақтларидаги эҳтимолий ўзгаришлар ҳамда қўшни давлатлар билан чегаралардаги айрим ўтиш жойларида вақтинчалик чекловлар ўрнатилади. Шу муносабат билан 2016 йилнинг 23-24 июнь кунлари чет эл фуқароларининг кириш визаларида қайд этилган Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддатлари уларга боғлиқ бўлмаган ҳолда тугаганда уларга нисбатан Ўзбекистоннинг тегишли органлари томонидан жарима ёки бошқа чоралар қўлланилмайди", дейилган хабарда.

Бундан олдинроқ, «Тошкент» халқаро аэропорти 24 июнь куни соат 13:00 дан 18:00 га қадар ёпиқ бўлиши хабар қилинган эди.