Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси таркибида "Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси"ни ташкил этишга оид қарор қабул қилди. 

Янги жамғарма ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича маблағларни шакллантириш, ўрмон хўжаликлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш ҳамда ўрмон хўжаликлари ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш ва кўпайтиришни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилади. 

Қарорга мувофиқ, Фонд маблағлари ўрмон фонди ҳудудларига рухсат бериш ва рухсатномаларни расмийлаштиришдан тушадиган маблағлар, ўрмон хўжалигининг ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун белгиланган жарималарни ундириш, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш каби мақсадларда фойдаланиш орқали орттирилган даромадалар ҳисобидан шакллантирилади. 

Бундан ташқари, жамғармага юридик ва жисмоний шахслар (хорижий фуқаролар шулар жумласидан) кўнгилли равишда хайрия маблағлари ўтказиши ҳам мумкин. 

Жамғарма маблағлари ўз навбатида, ўрмон хўжаликлари ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказишнинг олдини олиш, етказилган талофатни бартараф этиш, ўрмонларни муҳофаза қилиш учун техника ва технологиялар харид қилиш, экологик мониторинг тизимлари, асбоб-ускуналар ва компьютер дастурлари сотиб олишга йўналтирилади. 

Шунингдек, уруғчилик, навчилик, табиий кўчатзорлар яратиш, тажриба майдонлари, кўчатзорлар, иссиқхоналар, доривор ўсимликлар далаларида илғор технологияларни синаш каби ишлар ҳам янги Фонд ҳисобидан амалга оширилади. Шу билан бирга, ўрмон хўжалигида ноқонуний фаолиятни аниқлаган кишиларга мукофот пуллари ҳам жамғарма ҳисобидан қопланади.