Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти зика вирусининг тарқалиши юзасидан баёнот берди. Тарқатилган хабарларга қараганда, Бразилияда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларидан кейин жаҳон бўйлаб зика вирусининг кенг тарқалишига ишониш қийин. Сешанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Фавқулодда вазиятлар қўмитаси йиғилиш ўтказди. Унда зика вирусининг тарқалиши билан боғлиқ вазият ва жамоат соғлиқни сақлашга таҳдиди муҳокама қилинди. Экспертлар Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари вақтида одамларнинг оммавий тўпланиши муносабати билан зика вирусининг тарқалишига эътибор қаратишди. Бироқ Бразилия ҳукумати кўраётган чора-тадбирлар эътиборга олинган ҳолда зика вирусининг жаҳон бўйлаб тарқалиши эҳтимолдан узоқ эканлиги тан олинди. Халқаро Олимпиада қўмитаси раҳбари Томас Бах Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва 2016 йилги Олимпиада ўйинлари ташкилотчилари билан мунтазам равишда мулоқотда эканлигини маълум қилди.

Эпидемиологларнинг сўзларига қараганда, Олимпиада давомида 15 нафаргача хорижлик зика вирусига чалиниши мумкин экан. Чунки эпидемия дунёнинг бошқа қитъасига тарқала олмайди. Маълумки, яқинда бир гуруҳ шифокор ва эпидемиологлар Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига мурожаат қилиб, 2016 йилги олимпиада ўйинлари бекор қилиниши ёки бошқа жойга кўчирилиши керак, деган таклифни ўртага ташлашган эди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори номига ёзилган мурожаатга 150дан ортиқ мутахассис имзо чекди. Мурожаат нусхаси эса Халқаро олимпия қўмитасига юборилди. Бироқ ташкилот нуфузли олимларнинг таклифини кескин рад қилди. Чунки ташкилотчилар белгиланган муддатда вируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида жиддий чора-тадбирларни кўришга ваъда беришган. Бразилия ҳукумати эса олимпиада ўйинлари даврида Зиканинг юқиши деярли мумкин эмаслиги юзасидан баёнот берди. Бразилия спорт вазири Леонардо Пиччиани олимпиада вақтида вирусга чалиниш деярли “нол”га тенг эканинини таъкидлади. “Вирус устидан зафар қучилмади. Бироқ бу дегани ўйинларни бекор қилишни англатмайди. Биз вирусни бартараф этиш йўлида қўлдан келган ишларни қиламиз”, дейилади Бразилия ҳукумати берган баёнотда. Ҳукумат расмийларининг сўзларига қараганда зика вируси билан боғлиқ эпидемия олимпиада ўйинларининг бекор қилинишига асос бўлмайди. Бразилия расмийлари олимпиада ўйинлари вақтида Рио-де-Жанейрога ҳомиладор аёллар имкон қадар келмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Бразилиядаги Сан-Паулу университети олими Эдуардо Массад (Eduardo Massad) ва унинг ҳаммаслакларининг фикрича, агар Бразилияга 500 минг спортчи ва сайёҳ ташриф буюрадиган бўлса, 15 нафар хорижлик вирусга чалиниши мумкин. Эҳтиёт чоралари кўрилган тақдирда 5 нафар чет эллик вирусни юқтириши мумкин.

Американинг Касалликлар устидан назорат ва тарақалишидан огоҳлантириш маркази олимлари ҳам деярли шу каби фикрни айтишди. Уларнинг фикрича, зика вирусига Бразилияга ташриф буюрган сайёҳларнинг кам сонли қисми чалиниши мумкин. Яъни вирусга чалинганларнинг атиги 0,25 фоизини чет элликлар ташкил қилади. Шу сабабли ҳам Олимпадани бекор қилиш ёки бошқа жойга кўчириш зика вирусининг кенг тарқалишини олдини олишга деярли таъсир кўрсатмайди.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, февраль ойи сўнггида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Чен баёнот бериб, зика вирусининг кенг тарқалишига қарши кураш узоқ давом этишидан ва анча мураккаб бўлишидан огоҳлантирган эди. Шу билан бирга у “қийинчиликларга қарамай Бразилия Олимпиадани ўтказишга қудрат топади”, деди. Маргарет Чан Бразилияга келувчи меҳмон ва спортчиларни вирусдан ҳимоя қилиш мақсадида барча чоралар ишга солиниши кераклигини эслатиб ўтди ва Бразилия бунинг уддасидан чиқади, деди.

Иситма ва бош оғриғини келтириб чиқарувчи мазкур инфекция айни дамда дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатида қайд қилинган. Зика вируси минглаб болаларнинг ривожланмай қолган мия билан туғилишларига сабаб бўлмоқда. Баъзи давлатларда аёлларга ҳомиладан сақланиш тавсия қилинди.

Вирус илк бор 1947 йили Африканинг Уганда мамлакатида пайдо бўлган, лекин 2015 йил апрелида илк марта Бразилияда қайд қилинган. Табиий иммунитетнинг бўлмаслиги вируснинг тез тарқалишига сабаб бўлиши айтилади. Зика вируси Эдес (Aedes Aegypti) чивинининг чақиши билан юқади. Жанубий Америкадаги илк Олимпиада ўйинлари Рио-де-Жанейро шаҳрида 5-21 август кунлари бўлиб ўтади.

 Шарофиддин Тўлаганов