Интернет-манбалар Galaxy S7 ўрнига келувчи янги Samsung флагман смартфони — Galaxy S8 аппаратининг хусусиятлари тўғрисида айрим маълумотларни эълон қилишди.

Янги флагман ҳам икки кўринишда — одатий ва чети эгилган дисплей (Edge модификацияси) шаклида бўлади. Батафсил маълумотлар келаси йилнинг февралидан кейин эълон қилиниши мумкин. Бироқ баъзи маълумотларни ҳозирданоқ билиш имкони мавжуд. 

Қайд этилишича, янги қурилманинг экрани формати 4K/UHD — 3840 × 2160 пикселга тенг бўлади. Бу эса виртуал реаллик (VR) шлеми таркибидаги қурилмалар ишлатилганда анча юқори аниқликка эга тасвирларни таъминлаб беради. 

Мавжуд маълумотларда таъкидланишича, Galaxy S8 қурилмасининг яна бир ўзига хос хусусияти унда икки ядроли асосий камера борлиги бўлади. Шунга ўхшаш модуллар турли ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳам фойдаланиб келинмоқда. 

Бундан ташқари, Galaxy S8 кучли Qualcomm Snapdragon 830 процессорига эга бўлади. Бу чипнинг асосида Kryo 200 ядролари ва Adreno 540 график контроллери жойлашади. X16 LTE ички модеми маълумотлар юклаётган вақт 980 Мбит/сонияда максимал тезликни таъминлаб беради. Процессор 10 нанометрли технология бўйича ишлаб чиқарилади.