Бельгия ҳукумати қироллик ҳудудида хўжалик кимё маҳсулотларининг 7 турини, хусусан водород пероксидини сотишни тақиқлашга қарор қилди. Улардан қўлбола портловчи моддалар ясалиши мумкинлиги шундай чоралар кўрилишига асос қилиб кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Бельгия ҳукумати бош вазири ўринбосари Крис Петерс маълум қилди. 

Мазкур тақиқ расман эълон қилинганидан 10 кун ўтиб кучга киради. 

Эндиликда Бельгияда водород пероксидидан ташқари, азот кислотаси, нитрометан ва яна 4та натрий ва хлор аралашмаларидан ишлаб чиқилган бегона ўтларга қарши гербицид сотилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, жисмоний шахслар томонидан ацетон ва азотли ўғитлар харид қилиниши жиддий назорат остига олинади. 

Бу маҳсулотлар савдоси тақиқланмаган бўлса-да, махсус хизматлар дўкон эгаларини шубҳали харидлар борасида маълум қилишга чақирмоқда. Масалан, хавфли кимёвий маҳсулот йирик ҳажмда харид қилинса ёки кам-камдан доимий равишда сотиб олинса, дўкон эгалари махсус хизматларни бундан хабардор этишлари лозим бўлади. 

Полициянинг қайд этишича, 22 март куни Брюссель метроси ва аэропортида амалга оширилган портлашларда айнан ацетон ва водород пероксидидан қўлбола портловчи моддалар ясалган.