Бразилия футбол конфедерацияси Тите миллий терма жамоанинг янги бош мураббийига айланганини тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтига асосланиб Tribuna хабар тарқатди.

Куннинг иккинчи ярмида уни таништирув маросими ўтказилган.

Тите бу лавозимда Дунгани алмаштирди. Собиқ мураббий Америка Кубогидаги муваффақиятсиз иштирокдан кейин ишдан олинган.

Тите бу вақтгача "Коринтианс" жамоасида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Бразилия терма жамоаси 13 июнь куни Перудан 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва Америка Кубогини гуруҳ босқичидаёқ тарк этди. Бразилияликлар 1983 йилдан буён бундай ёмон натижа қайд этишмаганди.

2015 йилги Америка Кубогида Бразилия чорак финалда парагвайликларга ютқазиб қўйганди.

Дунга Бразилия терма жамоасини 2006-2010 йилларда биринчи марта, 2014-2016 йилларда иккинчи марта бошқарди. Унинг етакчилигида бразиллар 2007 йилги Америка Кубоги ҳамда 2009 йилги Конфедерациялар Кубогида зафар қучишди.

"Коринтианс" 55 ёшли Тите бош мураббийлигида 2 марта Бразилия чемпионатида ғолиб чиққан (2011, 2015), 2012 йилда эса Либертадорес Кубоги ҳамда Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тенгсиз бўлган.

Манба: Tribuna.uz