Дилшодбек Каттабеков илк маротаба “Кичкина табиб” фильмидаги ролидан сўнг халқ орасида яхшигина танилди. Шундан сўнг, бирин-кетин “Ҳасан ибн Ҳусан”, “Илтимос, менга қаранг”, “Фидоийлар”, “Хавфли бурилиш”, “Виждон”, “Ўйин бошланди” каби фильмларда ёш актёр катта-кичик ролларни ижро эта бошлади. Айни кунларда Қоратошдаги медиапаркда менежер сифатида фаолият юритиб келаётган Дилшодбек Каттабеков “Бекажон” газетасига берган интервьюсида охирги пайтларда нега санъатда кўринмай қолганига изоҳ берди.  

- Бизнесга берилиб кетиб, санъатдан йироқлашиш чўчитмайдими?

- Ҳар бир инсоннинг қўшимча даромад келтирадиган иши бўлиши керак. Бошқа ҳамкасбларим қатори менда ҳам бу ҳолатнинг сабаби шу. Ижоддан бўш пайтларимда бекор юрмасдан, фойдали иш билан машғул бўлишни истадим. Кейин эркак кишига бекорчилик ярашмайди.

- Съёмкаларга қандай вақт топяпсиз?

- Бу ерга ишга жойлашаётганимда ҳамма масалани очиқ-ойдин гаплашиб, кейин шартнома тузганман. Санъатим, хизматлар, гастроллар ҳаммаси инобатга олинган. Аслида институтда бирга ўқиган курсдошим шу ерда ишлайди. Унинг таклифи билан бу ерга келиб қолдим. Бироқ афсусланмайман!  

-  2014 йилда магистратурани тамомладингиз. Шунча олган билимлар нима бўлади энди?

-  Магистратурани ишга солишнинг ҳали вақти келади. Бизнесга берилиб, санъатни тарк этиш ниятим йўқ. Ҳозир ҳам ижодий ишларни, съёмка ва шу каби масалаларни дам олиш кунларига ёки кечки пайтга мўлжаллаяпман. Ҳозирча ҳаммасига улгуряпман. Ҳеч кимдан танқид ҳам, дакки ҳам эшитмадим.

- Негадир анча йиллардан бери сизни янги образларда кўрмадик. Ёки сизга талаб йўқми?

- Ҳозир ҳам уйда бир нечта сценарийлар турибди. Ўйнашим керак бўлган роллар бир-бирига ўхшаш бўлгани учун ҳам рози бўлмаяпман. Кўпчилиги илк марта режиссёр сифатида кино олаётган ижодкорлардан тушган таклифлар. Менинг у кинога боғлиқ жойим борми йўқми, буни ўйлашаётгани йўқ. Муҳими мен бирор эпизодда кўриниб, бироз кулгили қилиб берсам бўлди. Режиссуранинг қонуниятлари, кинонинг мазмун-моҳияти билан қизиқиб ҳам кўришаётани йўқ. Шунинг учун гарчи ачинарли бўлса-да, “йўқ” деб жавоб беряпман. Энди портлаб чиқадиган ролларни ўйнашни истайман. Бир хилликдан чарчадим. 

- Ҳомий билан ишлайсизми ёки ўз пулингизга?

- Шу пайтгача ҳомий билан ишлаган эмасман. Ижодий ишларимга ўз пулимни сарф қилмаганман. Тўғри, бу борада таклифлар бўлган. Бироқ келишувимиз бир жойдан чиқмаганидан кейин бу ишга қўл урмадим. 

- Ёшингиз ўтяпти. Уйланиш, оила қуриш деганларидек...

-  Мени тушунадиган, йўқчилик, қийинчиликларга дуч келганда сабрли, беҳуда рашк қилмайдиган ва энг муҳими ишонадиган, яхши-ёмон кунимда менга куч бағишлаб турадиган рафиқам бўлишини истайман. Машҳурлигим учун эмас, оддий инсон сифатида севиб ардоқлайдиган аёлга жуфти ҳалол бўлишни ният қиляпман. 

-  Қачон уйланишни режалаштиргансиз? 

-  Тўй шу йил охирига ёки кейинги йилга режалаштирилган. Уйдагилар “Севган қизинг бўлса айт, совчиликка борайлик”, деб қўйишмаяпти. Севган қизим йўқлигидан, менга турмушга чиқадиган қизлар учун “кастинг” эълон қилганман (кулади). Қиз излаяпмиз, учрашувлар дегандек...

-  Оилангиз, ака-укаларингиз ҳақида ҳам гапириб беринг?

-  Оиламиз унчалик кичик эмас. Етти кишидан иборат. Икки акам, бир укам ва синглим бор. Акаларим оилали, синглим ҳам. Укамга эса мендан кейин навбат тегади. Ота-онам умуман оиламизнинг ҳаммаси Сирдарёнинг Ховос туманида яшашади. Фақат мен пойтахтдаман. Икки ҳафтада бир марта она қишлоғимга бориб тураман.