Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Баҳрайн ҳукуматининг шиалар диний раҳнамоси оятуллоҳ Исо Аҳмад Қосимга нисбатан амалга оширган ҳаракатлари учун қоралаб чиқди.

"Бу халққа қарши ҳаракатлар Баҳрайндаги сиёсий вазиятни халқаро диалоглар воситасида тўғрилаш учун умидларни чиппакка чиқарди. Баҳрайн ҳукумати халқ билан ўртадаги кўприкларни бузиб ташлади. Улар тушуниши керакки, миллатлараро мулоқотгина Баҳрайндаги инқирозга чек қўйиши мумкин", дейилади Эрон ТИВ баёнотида.

Бундан олдинроқ, Баҳрайн ҳукумати мамлакатдаги энг таниқли шиалар етакчиси, "Ал-Вифоқ" номли диний ҳаракат раҳнамоси шайх Исо Аҳмад Қосимни фуқароликдан маҳрум этгани маълум бўлганди.

Баҳрайн аҳолисининг катта қисми шиа мазҳабида, қироллик хонадони эса суннийлардир. Эрон аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи шиалар, жумладан ҳукумат вакиллари ҳам.