Рус илдизларига эга америкалик актёр Антон Ельчин автомобилидаги узатмаларни алмаштириш дастасидаги нуқсон сабабли ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Актёр 19 июнда эрталабки пайт Сан-Фернандо водийсидаги уйи олдида кўча дарвозасининг ғиштли устуни ва автомобиль орасида сиқилган ҳолда дўстлари томонидан жонсиз ҳолда топилган. 

Daily Mail нашрининг ёзишича, актёрнинг автомобили Jeep Grand Cherokee йўлтанламаси бўлган. Бу автомобиль АҚШда ва қолган давлатларда узатмаларни алмаштириш дастасининг чалғитувчи дизайни сабабли кўнгилли равишда ортга чақиртирилганди. Бу дастада нейтрал ва тўхтаб туриш узатмаларини алмаштириб юбориш мумкин. Жорий йил баҳорида Fiat Chrysler компанияси 2012 йил 16 апрель ва 2015 йил декабри орасида ишлаб чиқарилган Jeep Grand Cherokee автомобилларини ортга қайтариб олганди. 

Jeep автомобилларидаги узатмаларни алмаштириш электрон дастаси ҳайдовчи уни тортгандан кейин дастлабки ҳолатига қайтган. Яъни ҳайдовчи дастага бир қараганда машина тўхтаб туриш ҳолатига қўйилганини аниқлай олмаган. Бунинг учун ҳайдовчи товушли сигнални эшитиши ёки дастадаги индикаторга қараши керак бўлган.

Бу нуқсон АҚШда юзлаб автофалокатларга сабаб бўлган деб ҳисобланади, чунки ҳайдовчилар ўзлари билмаган ҳолда машиналаридан уни нейтрал ҳолатда қолдирган ҳолатда тушадилар.

Cherokee’нинг аниқ модели ва актёрнинг ўлимига олиб келган вазият ҳозирча ноаниқ бўлиб қолмоқда, бироқ даста актёрнинг ўлимига эҳтимоли энг юқори бўлган сабаб ҳисобланмоқда. Актёрнинг жасади унинг машинаси нейтрал узатмада ва двигатели ёқиқ бўлган ҳолатда аниқланган.

Ушбу ҳолатни тергов қилишга АҚШ йўлларида ҳаракат хавфсизлиги миллий бошқармаси вакиллари қўшилишди. 

Актёрнинг ўлими муносабати билан кўплаб актёрлар ўз ҳамдардликларини билдирдилар.