Соғлиғини тиклаш мақсадида шифокор кўригидан ўтмай, қидирув тизимига бепул тиббий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчи фойдаланувчилар натижаларнинг кўплиги туфайли кўпинча ўзларида мавжуд бўлмаган касалларни топиб, ўзбилармонлик билан даволанишади ва бунинг оқибатида азият чекишади. Масалан, касаллик белгиларини оладиган бўлсак, уларни қидирув сатрига ёзган фойдаланувчилар аллергик реакцияларини озиқ-овқатдан заҳарланиш белгилари билан адаштиришлари мумкин ва аксинча. 

Google ўз-ўзига ташхис қўювчи кишиларнинг ҳаётини енгиллаштиради. Яқин кунлар ичида компания касалликни аниқлаш имконини берувчи янги функцияни киритади. Масалан, "бош оғриғи" сўровига у лоҳасликнинг турли белгилари ва унинг тахминий сабаблари (мигрень, синусит, шамоллаш) батафсил ёзилган "карточкалар" рўйхатини беради, мустақил даволаниш вариантларини тақдим қилади, шунингдек шифокорга кўринишни тавсия этади. 

Янги функция ишончли манбалардан маълумотлар олиб, уни шифокорлар томонидан берилган маълумотлар билан таққослайдиган Knowledge Graph ("Билимлар тармоғи") сервисига асосланган. Шунингдек Google'га Ҳарвард тиббиёт мактаби ва энг йирик хусусий тиббий марказлардан бири Майо клиникаси экспертлари ёрдам кўрсатишади. 

iOS ва Android қурилмаларида Google'нинг касаллик белгилари бўйича қидирув тизими ишга тушади, лекин у ҳозирча фақат инглиззабон фойдаланувчиларга мўлжалланган. Компания келажакда бу функция учун касалликлар, тиллар ва мамлакатлар рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда.