Европа барқарорлаштириш механизми (ESM) Грецияга 7,5 млрд евролик халқаро макромолиявий ёрдам тўпламини ажратишга қарор қилди, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги ЕSM раҳбари Клаус Реглингга асосланган ҳолда.

Бу, Грецияга учинчи макромолиявий ёрдам дастури бўйича иккинчи траншининг биринчи тўпламидир. Унинг умумий қиймати 86 млрд еврони ташкил этади. Бу дастурнинг илк траншини Афина 2015 йил августида олган эди. 

Реглингнинг қайд этишича, Грецияга берилаётган маблағлар, имтиёзли асосда тақдим этилмоқда. Кредит 32 йил муддатга 1 фоиздан кам бўлган устама ҳақ эвазига берилмоқда. 

Бунга жавобан, Греция ҳукумати давлат бюджети профицити даражасига оид ўз зиммасига олган мажбуриятни бажариши керак бўлади.
 
Халқаро кредиторлар билан эришилган келишувга мувофиқ, Греция давлат бюджети профицити 2018 йилга келиб, ЯИМнинг 3,5 фоизини ташкил этиши керак.