Acer компанияси интернет-дўконининг 34,5 минг нафар фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотлар хакерлар томонидан ўғирланди. Бу ҳақда  Engadget хабар берди. 

Ишлаб чиқарувчи Калифорния бош прокурорини хакерлар харидорларнинг исмлари, манзиллари, рақамлари, амал қилиш муддатлари ва банк карталарининг CVC-кодларига оид маълумотларга чиқа олиш имконига эга бўлганидан бохабар қилди. 

Ёвуз ниятли кимсалар асосан АҚШ, Канада ва Пуэрто-Рико аҳолисига тегишли маълумотларни тунашган. Хакерлар 2015 йилнинг 12 майидан 2016 йилнинг 28 апрелига қадар Acer мижозлари маълумотларини олишган.

Компания хакерларнинг қандай йўл билан маълумотларни қўлга киритганига ойдинлик киритмади. Acer бундай носозликлар одатда ишлаб чиқарувчи  IT- инфратузилмасининг бузилиши билан боғлиқ бўлмаслигини, уларнинг компьютерларга вируслар юборилиши сабабли рўй беришини қайд этди.