21 июнь куни Лозанна шаҳрида ўтказилаётган Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилиши вақтида Енгил атлетика федерациялари халқаро уюшмаси (IAAF) томонидан Енгил атлетика бўйича Россия терма жамоасининг 2016 йилги Ёзги Олимпиададан четлатилгани бўйича қабул қилинган қарори қўллаб-қувватланди.

ХОҚ раҳбари Томас Бахнинг билдиришича, турнирда спортчиларнинг иштирок этиш масаласи бўйича қарорни халқаро федерация қабул қилади.

Хусусан, енгил атлетика бўйича Россия ва Кения терма жамоаларининг Халқаро аксилдопинг агентлиги (WADA) томонидан тартибларни бузган деб топилиб, турнирдан четлатилганига тааллуқлидир.

"Декларация учун йиғилганимиздан хурсандман. Саммит дисквалификация қилиш бўйича қарорлар қабул қилмайди. У фақат маълум стратегия ишлаб чиқиш бўйича маслаҳат бериши мумкин. Саммит IAAF ўтган ҳафта қабул қилган қарорга ҳумат ва ишонч билдиради", деган Томас Бах матбуот анжуманида.

У Россия томони IAAF қарори юзасидан Лозаннадаги Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди. Апелляция бериш ҳуқуқи ҳар бир спортчида мавжуд.

Халқаро олимпия қўмитаси раҳари Россия Олимпия қўмитасининг инқирозли вазиятдан чиқиш учун олиб бораётган ишларини қайд этиб ўтган. У РОҚнинг 2016 йилги олимпиада ўйинларидан четлатилиши масаласи кўриб чиқилмаганини қўшимча қилган.

У санкциялар фақатгина допинг қабул қилгани аниқланган спортчиларга эмас, қоида бузилишида иштирок этган шифокорлар ҳамда расмий шахсларга нисбатан ҳам қўлланиши кераклигини маълум қилган.

17 июнь куни Енгил атлетика федерациялари халқаро уюшмаси (IAAF) томонидан енгил атлетика бўйича Россия терма жамоаси 2016 йилги Олимпиададан четлатилганди.

Бутунроссия енгил атлетика федерацияси 2015 йил ноябрида дисквалификация қилинган эди. Жорий йилнинг февралида эса 4027 россиялик атлетлар халқаро мусобақалардан четлатилган эди.

Спортчиларнинг мусобақадан четлаштирилишига асосий сабаб уларнинг допингдан фойдалангани бўлди.