Ҳиндистонда 20 июнь сешанба куни оммавий тонгги медитация сеанслари билан Халқаро йога куни нишонланди, пойтахт Нью-Деҳлида эса маросимлар бирйўла бир неча майдонда ўтказилди. 

Бош вазир байрам тантаналарида бажонидил иштирок этади - ўтган йили у тахминан 35 минг киши билан  Ражпатхда медитация билан шуғулланган. Бу йил эса у Деҳлининг шимоли-ғарбида жойлашган Чандигарх шаҳри аҳолиси билан машқ қилди. 

Ҳиндистон бош вазирининг йогасеварларни фаол қўллаб-қувватлаши қонунан тасдиқланган. Моди замонавий технологияларнинг илғор фойдаланувчиси - Twitter'да унинг аккаунти бор, шу билан бирга у ҳаттоки шахсий мобил иловасини ҳам ишга туширган, бу орқали ҳиндистонликлар унинг фаолиятини кузатиши мумкин. Моди доимо анъанавий ҳинд либосларини кияди, кўпинча ҳиндий тилида чиқиш қилади ва албатта, йога билан шуғулланади.

"Йогани ҳаётингизнинг бир қисмига айлантиринг. Худди мобил телефонлар ҳаётингизнинг ажралмас қисмига айлангани каби йогани ҳам уларнинг қаторига қўшинг", - дейди сиёсатчи. 

Ҳиндистон президенти Пранаб Мукержи ҳам ундан қолишмади. У пойтахт марказида жойлашган Раштрапати-Бхаване – Президент саройидаги майсазорда минг кишилик гуруҳ билан машқ қилди. 

Пойтахтдаги оммавий йога сабоқлари еттита майдонда ўтказилди. Барча ҳудудлардаги машқлар тонгги соат 5:30да бошланди. 

"Йога нафақат соғлом тана учун зарур, балки маънавий озуқа ҳамдир. Маънавий амалиёт эса - қалб тозаланишига асос бўла олади. Тана учун детоксикация жараёни бўлгани каби, йога - қалб детоксикацияси бўлиб, уни салбий таъсирлардан тозалайди. Йога - ҳеч бир динга боғлиқ бўлмаган дуо кабидир", - дейди иштирокчилардан бири.