Сямозердаги тўфондан кейин омон қолган ўсмирлар фожиа рўй берган вақтда нималар бўлганини сўзлаб беришди, деб ёзади "Вести".

"Тўлқинлар 2 - 3 метрга етди, биз тошга урилдик ва тўхтаб қолдик. Иккинчи қайиққа кўзимиз тушди, улар сузаётиб ағдарилиб кетишди", - дейишди Карелиядаги оромгоҳнинг омон қолган тарбияланувчилари.

Шиширилган қайиқда сузган 26 нафар мактаб ўқувчиси оролда тунашди, улар қолган икки қайиқнинг тўфонда ағдарилиб кетганини билишмасди, деб ёзади манба. Кўлда сониясига 20 метрдан ортиқ кучли шамол эсган.

19 июнь куни 47 нафар ўсмирдан иборат сайёҳлик гуруҳи 4 нафар инструктор раҳбарлигида  Сямозерга сайрга чиқишган. Бир гуруҳ болалар оролда қолишган, қолган қисми - 26 киши кўлга отланишган, кейинчалик у ерда тўфон кўтарилган. Катта тўлқинлар натижасида қайиқлар сувга ағдарилган. Сўнгги маълумотларга кўра, мазкур фожиада 14 нафар бола ҳалок бўлган - барчаси чўкиб кетган. Ҳозирга қадар 13 нафар ўсмирнинг танаси топилган, яна бир болани қидириш ишлари давом этмоқда.