Россия терма жамоасининг Евро-2016 турниридаги муваффақиятсиз иштирокидан кейин Леонид Слуцкий терма жамоани тарк этади ва фақат ЦСКА жамоасида ишлай бошлайди.

Россия терма жамоасида унинг ўрнига бош мураббий бўлиш учун асосий даъвогар сифатида Станислав Черчесов номи айтилмоқда.

«Чемпионат.com» хабарига кўра, айни вақтда бир неча вариант кўриб чиқилмоқла, лекин охир-оқибат Черчесов номзодида тўхталинади.

Якунланган мавсумни Черчесов Польшанинг «Легия» жамоаси билан ўтказди ва жамоани чемпионликка етаклади. У жамоаси билан Польша Кубогида ҳам зафар қучган.

Мавсум якунида 52 ёшли бу мутахассис польшаликлар жамоасини тарк этган ва айни вақтда ишсиз.

Ўз вақтида дарвозабон сифатида Россия терма жамоасида ўйнаган ушбу собиқ футболчи мураббийлик фаолияти давомида «Спартак» (2007-08), «Жемчужина-Сочи» (2010-2011), «Терек» (2011-13), «Амкар» (2013-14) ва «Динамо» (2014-15) жамоаларида бош мураббий сифатида ишлаганди.

Манба: Tribuna.uz