АҚШ президентлиги учун республикачилар партиясидан номзод Дональд Трампнинг сайловолди ташвиқотига сиёсий маслаҳатчи Пол Манафорт раҳбарлик қилиши мумкин. У бир пайтлар Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлаган, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги. 

Айтиш жоизки, Манафорт апрель ойидан бери Трамп жамоаси таркибида ишламоқда. У, жамоанинг аввалги раҳбари Кори Левандовскига етишмаётган сайловолди тажрибаси билан ўртоқлашиш мақсадида ёлланган эди. 

Политтехнолог Пол Манафорт Филиппин президенти Фердинанд Маркос, Украина собиқ раҳбари Виктор Янукович ва Багама ороллари собиқ бош вазири Линден Пиндлинг каби сиёсатчиларнинг сайловолди кампанияларида фаолият юритган. 

Трамп ташвиқот жамоасининг аввалги раҳбари Кори Левандовски журналист аёл билан можарога аралашиб қолгач, вазифасидан кетишга мажбур бўлганди. 

Аммо, кузатувчилар бошқача фикрда. Уларнинг қайд этишларича, Левандовскининг истеъфоси, Трамп жамоаси жиддий, жумладан молиявий муаммоларга дуч келганини англатади.