Тошкент шаҳрида 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. ШҲТга Ўзбекистон Республикасининг раислиги доирасида саммит олдидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди. 

ШҲТ саммитини ёритишда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларидан 200га яқин вакил, Ўзбекистондан қарийб 200 нафар журналист қатнашади. Бу ҳақда УзА хабар қилган.

Саммит доирасидаги тадбирларни кенг, сифатли ва тезкор ёритиш учун “Ўзэкспомарказ”да барча қулайликларга эга халқаро матбуот маркази ташкил этилди. Саммит кунлари журналистлар иш олиб борадиган ушбу марказ энг юксак талабларга жавоб берадиган замонавий техника – электрон намойиш стендлари, компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар, телефон билан жиҳозланган, юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли тизимлар орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган.

Саммитда давлат раҳбарлари ШҲТ доирасида кўп режали ва ўзаро самарали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиб, долзард минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича фикр алмашади.

Давлат раҳбарлари учрашувларининг асосий якуний ҳужжати сифатида ШҲТнинг ўн беш йиллик декларацияси қабул қилинади. Унда ташкилотнинг ўн беш йиллик фаолиятига баҳо берилиб, аъзо давлатларнинг ШҲТни ривожлантириш учун илгари сурган нуқтаи назарлари, шунингдек, жорий халқаро ва минтақавий вазиятларга нисбатан позициялари ўрин олади.

Давлат раҳбарлари 2016-2020 йилларда 2025 йилга қадар ШҲТни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича Ҳаракат режаси ҳамда ШҲТни ривожлантириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа ҳужжатларни ҳам имзолайди.