Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2030-йилгача мамлакатнинг энергетика салоҳиятини йилига 17 млрддан 45 миллиард киловатт-соатга  етказишни режалаштирмоқда, деб хабар қиляпти давлат раҳбари матбуот хизмати. 

Президент Раҳмон Тожикистонни ривожлантириш миллий кенгаши йиғилишида қилган маърузасида, ўтган йилларда бажарилган ишлар хусусида фикр билдириб, мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш дастурига тўхталиб ўтган. Давлат раҳбари, экологик жиҳатдан тоза электр энергиясини қўшни давлатларга экспорт қилиш ҳажмини минтақавий электр узатиш тармоқлари, хусусан CASA-1000 лойиҳаси воситасида 10 млрд кВ-соатга етказиш режасини билдирган. 

Тожикистон раҳбари шунингдек, мамлакатдаги қашшоқлик даражасини 2 баравардан кўпга қисқартириш ҳамда ўрта тоифа улушини ҳозирги 22 фоиздан 50 фоизга етказиш, республика ЯИМда хусусий сармоя ҳиссасини 5 фоиздан 25 фоизга чиқариш борасида фикрларини билдирган. 

Раҳмоннинг сўзларига кўра, келаси 15 йилда мамлакатдаги ўртача умр кўриш ёши 80 йилга етказилади. Бугунги кунда бу рақам, 73,5 йилни ташкил этади.