Ўзбекистондаги Олий таълим муассасалари янги 2016/2017 йилги ўқув мавсуми учун 57 минг 907 нафар талаба қабул қилишни режалаштирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги сайтида маълум қилинган.

"Олий таълим тизимида 2016/2017 ўқув йилида кадрлар тайёрлаш кўрсаткичлари" мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида келтирилишча, янги ўқув йилида давлат гранти асосида 19 минг 120 киши, тўлов-контракт асосида эса 38 787 киши ўқишга қабул қилинади.

Янги ўқув йили учун ўқишга қабул қилинадиган магистр талабалар сони 5000 нафарни ташкил қилади. Шундан 1548 талаба давлат гранти асосида, 3452 талаба эса тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимида бакалаврларни тайёрлаш давлат грантлари бўйича 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялар университетининг махсус сиртқи бўлимида – 50 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15 нафар ва тўлов-контракт асосида – 35 нафар қабул қилиш умумий квоталари белгиланган.

Иқтисодиёт тармоқлари ва секторларнинг олий маълумотли мутахассислар билан таъминлаш мақсадида 2016/2017 ўқув йилида янги 18та бакалавриат йўналишлари, 14та магистратура мутахассисликларига қабул квоталари шакллантирилди.

Янги киритилаётган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини шу йилнинг 1 августига қадар ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш вазифаси белгиланган.