Ўзбекистон банк-молия тизимидаги натижалар нуфузли халқаро молия институтлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда “Moody‘s”, “Standard & Poor‘s” ва “Fitch Ratings” каби халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистон банк тизими фаолиятини “барқарор” деб тасдиқламоқда. Ўзбекистондаги барқарорлик, юксак макроиқтисодий кўрсаткичлар ва юқори малакали кадрлар хорижлик инвесторларнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш истаги ва имкониятларини тобора оширмоқда, 

“Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳам бозор иқтисодиёти шароитида барча соҳа ва тармоқларнинг изчил фаолият юритишида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, банк¬нинг умумий капитали 529 миллиард сўм, устав капитали эса 368 миллиард сўмни ташкил этди. Бу эса жорий йилнинг бошига нисбатан мос равишда 59,1 миллиард сўм (113 фоиз) ва 50 миллиард сўм (116 фоиз) га ўсди.

Мазкур молия муассасаси томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида жорий йилнинг биринчи чораги давомида мижозлар, фермеру тадбиркорларга тезкор ва сифатли банк хизматлари кўрсатилмоқда. Тадбиркорларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини молиялаштиришда яқиндан кўмак берилмоқда.
Хусусан, ҳисобот санасига банкнинг кредит қўйилмалари 2 триллион 862 миллиард сўмни ташкил қилиб, жорий йилнинг 1 январига нисбатан 646 миллиард сўмга ёки 129 фоизга ўсди. Шунингдек, 2016 йилнинг биринчи чораги давомида иқтисодиётнинг турли йўналишларидаги тадбирларни молиялаштиришга жами 985 миллиард сўм, шундан банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 437 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 261 миллиард сўмга ёки 136 фоизга ошди. Натижада кўплаб янги иш ўринлари яратилди ва минглаб оилаларга барака кирди.
Ўзбекистонда кузатилаётган барқарор ўсиш суръатлари ҳақида гап кетганда, бунинг боиси ва омилини, авваламбор, иқтисодиётимизга йўналтирилаётган капитал маблағлар, инвести¬циялар тобора ўсиб бораётгани билан изоҳланади. Бинобарин, республикада фаол инвестиция сиёсати юритилиб, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу жараённинг фаол иштирокчиси ҳисобланган “Агробанк” фаолиятида инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 

Молия муассасаси томонидан ҳисобот даврида ажратилган инвестицион кредитлар миқдори эса 144 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган параметр ижроси таъминланди. Ушбу кредитлар саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспорт, моддий-техник таъминотга ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига йўналтирилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга 263 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. 
Бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 63 миллиард сўмга ёки 132 фоизга кўпдир. Ушбу маблағлар асосан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга йўналтирилди. 

Президентнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан банк томонидан жойларда “Ягона дарча” марказларида 57 та махсус кассалари ташкил қилинди.

Шунингдек, банк томонидан халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2016 йилнинг биринчи чорагида тадбиркор аёлларнинг лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга 28,6 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни кенгайтиришга 5,1 миллиард сўм, жисмоний шахсларнинг  тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўналишларига 16,7 миллиард сўм кредитлар берилди.

Ҳисобот даврида аҳолига 12,4 миллиард сўм истеъмол кредитлари ажратилиб, шундан 7,6 миллиард сўми маиший техника ва уй-рўзғор буюмлари сотиб олишга ҳамда 4,8 миллиард сўми таълим олиш мақсадларига йўналтирилди.

Бугунги тадбиркорларимиз обод ва фаровон турмуш кечириш мақсадида банк сармоялари билан бирор тадбирли ишнинг “боши”ни тутиб ҳам оиласи, ҳам маҳалласига нафи тегмоқда. Бундай ишбилармон кишилар билан суҳбатлашсангиз, дилингиз яйрайди. Ҳар бир тадбиркору фермер вақтни ғанимат билиб, изланиб, интилиб янги-янги инновацион лойиҳалар тузиб, истиқболли тармоқларни тараққий эттиришга киришган.

Яқин кўмакчи ва доимий ҳамкор

– Орзу-истакларимиз рўёби тадбиркорлик ортидан эришаётган ютуқларимизда намоён бўлаётир, – дейди Янгиер шаҳридаги “Уста Алишер” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Аббосов. – Гўшт ва сут маҳсулотларини ҳажмини кўпайтириш мақсадида бизнес лойиҳа туздик. Бизнес лойиҳа асосида “Агробанк”нинг Янгиер филиалига мурожаат этдик. Наслли чорва моллари келтириш учун банк томонидан лойиҳага асосан 130 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. Мазкур маблағ сабаб, 15 та янги иш ўрни ҳам яратилди. Ҳозирги кунда аҳолига сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бермоқдамиз. 

Турмушимиз обод, кўнглимиз шод

– Бизнес-лойиҳамиздаги асосий мақсад – сифатли гилам ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳамда янги, ихчам, замонавий тўқув дастгоҳларини келтиришга қаратилганди, – дейди Бухоро вилоятидаги “Бухоро гилам” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Отабек Бобоев. – Молия муассасасининг Бухоро вилояти ҳудудий филиалидан бизга 390 миллион сўм кредит ажратилди. Сармоя ҳисобига яна 5 нафар киши иш ўрнига эга бўлди. Айни пайтда корхонада 15 турдаги бежирим, чиройли ва сифатли гиламлар ишлаб чиқарилмоқда. Гиламлар буюртма асосида арзон нархларда аҳолига етказиб берилмоқда. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, янги иш ўринларини кўпайтирмоқчимиз. Бунда ҳам банкнинг кўмаги ишимизда қўл келади. Бу борада ҳам энг яқин ҳамкоримиз “Агробанк”ка суянамиз. Банк жамоасининг бизга кўрсатаётган хизматлари ва яратиб бераётган шарт-шароитларидан миннатдормиз.

– Мамлакатимизда сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш борасида кенг кўламдаги амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, – дейди Узун туманидаги “Бедил Самира” хусусий корхонаси раҳбари Суҳроб Мадаминов. – Бу албатта, ўз самарасини бермоқда. “Агробанк”нинг Узун филиалига сервис соҳасини ривожлантирига асосланган бизнес лойиҳага асосан 120 миллион сўм кредит маблағи олдик. Ана шу молиявий кўмак туфайли 8 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, аҳолига замонавий хизмат кўрсатишга эришдик. Мен ушбу банк жамоасидан миннатдорман. Улар биз каби мижозларни доимо қўллаб-қувватлашига ишонаман. 

Сармоялар тараққиёт хизматида
 
Молия муассасаси томонидан 2016 йилнинг биринчи чораги давомида қишлоқ хўжалиги корхоналари, шу жумладан, фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалик техникалари, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш мақсадида 12,2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 90 та ҳайдов ва чопиқ тракторлари, 59 та комбайн ҳамда 34 тадан ортиқ турли қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари етказиб берилди. 
– Аҳоли турмуш фаровонлиги яхшилаш, юртимиз тараққиётини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳаётда ўз самарасини бераётир, – дейди Урганч туманидаги “Қаландар Шукуржон” фермер хўжалиги раҳбари Умидбек Худойберганов. – Мана бир неча йилдирки, банк билан ҳамкорлик қилиб, фермер хўжалигимизда истиқболли ва қўшимча тармоқларни ривожлантиришга астойдил бел боғлаганмиз. Фермер хўжалигимиз бугунга келиб пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш билан бирга, чорва маҳсулотлари, яъни сут ва гўшт маҳсулотларини аҳоли истеъмоли учун етказиб беришга ҳам эришдик. “Агробанк”нинг Урганч филиалидан бизнес лойи¬ҳага асосан 130 миллион сўм кредит маблағи олдик. Бугун хўжалигимизда пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштиришдан ташқари, боғдорчилик билан ҳам шуғулланамиз. Бу ҳам қўшимча даромад ортишига омил бўлмоқда.

Эзгу ташаббуслар мададкори

– Бугун ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Қўшкўпир туманидаги “Хадра файз инвест” оилавий корхонаси раҳбари Маҳлиё Юсупова. – “Агробанк” томонидан олиб борилаётган амалий ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Ўтказилаётган турли семинар ва учрашувларда банк хизматлари, кредит, микрокредит, микролизинг, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, оилавий бизнес ҳамда ҳунар¬манд¬чилик фаолиятини ривожлантириш ҳақида ёшларга кенг тушунтиришлар берилмоқда. Мукаммал бизнес ишланмалар устида изланиб автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳа тайёрладим. Бугун эзгу мақсадим банк кўмаги билан амалга ошди. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини мо-лия¬лаштиришга ажратилган кредитлар ҳажми кундан-кунга ошиб бормоқда. Мен ҳам бу имкониятдан фойдаланган ҳолда “Агробанк”нинг Қўшкўпир филиалидан 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олдим. Олинган кредит эвазига автомобилларга хизмат кўрсатиш салони очиб, фаолиятимни йўлга қўйдим.
“Агробанк” томонидан жорий йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, истиқболли бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 42,8 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш белгиланди. 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, банк томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 7,5 миллиард сўм кредитлар ажратилди.

Электрон хизматнинг кўлами кенг

Бугунги кунда банк замонавий ахборот технологияларига асосланган хизматлар кўламини ривожлантириш ва кенгайтириш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида жорий қилинган “Интернет банкинг” тизимига уланган мижозлар сони бугунга келиб 10 минг, “СМС-банкинг” хизматидан фойдаланаётганлар эса 454 мингдан ортди. 
Шунингдек, пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоблар тизимини кенгайтириш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этган ҳолда кўрсатилаётган хизматларни ривожлантириш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Айни пайтда банк томонидан ўрнатилган терминаллар сони 28611 тага, тарқатилган пластик карточкалар сони 3 миллион 321 мингтага етказилди. Пластик карталар билан ишлаш тизимида замонавий, интерфаол хизмат турларини ривожлантириш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Клик” ва “СМС-Тўлов” тизимлари орқали пластик карталардаги маблағлардан мобиль телефон ва интернет орқали тўловлар ўтказиш имконияти яратилиб, ушбу хизматдан фойдаланаётган мижозлар сони 454 мингтадан ошди. “Мобил савдо” хизмат турига жалб қилинган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони 2650 тадан ошди. Ушбу хизмат турини кенг татбиқ қилиш орқали жорий йилда 15 мингта савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини жалб қилиш режалаштирилган. 
Мухтасар айтганда, иқтисодиёт тараққиёти, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган молия муассасаларига тадбиркорлару ишбилармонларнинг ишончининг ошиши муҳим омил бўлмоқда. Ана шундай устувор тамойил асосида иш олиб бораётган “Агробанк” АТБ сармоялари тадбиркорлик, бунёдкорлик ва тараққиётга хизмат қилмоқда. 
 

Хизматлар лицензияланган.  Реклама ҳуқуқи асосида.