Aston Martin Vanquish купесининг моторлари сафини 2016 йил мартида намойиш қилинган DB11 суперкарининг 5,2-литрли, жуфт турбокучайтиргичга эга V12 двигатели ҳам тўлдирадиган бўлди. 

Бу куч қурилмаси, янги модель учун махсус равишда қайта ишланиб, унинг қуввати 600дан 700 от кучига етказилади, деб хабар қилмоқда Auto Express.

Янги Vanquishнинг ўз мотори қанча от кучига эгалиги ҳозирча маълум эмас. Aston Martin бош муҳандисининг сўзларига кўра, тестлар двигателни 830 от кучига эга қилиш мумкинлигини кўрсатган. У, шунингдек, келажакда моторлар туркумини қайта ишланган V8 ва V12 қурилмалари ҳам тўлдириши эҳтимоли ҳақида сўз юритган эди. 

Aston Martin Vanquishнинг янги авлоди 2016 йил кузида автомобиль ишқибозлари эътиборига ҳавола этилади. Ҳозирги кўринишдаги купе 2012 йилдан бери ишлаб чиқарилади. 

Умуман, келаси етти йил мобайнида Aston Martin 7та янги моделини мижозларига таклиф қилмоқчи. Компания акционерлари шу мақсадда 500 миллион фунт стерлинг (700 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) сармоя киритишмоқда. 

Бундан ташқари, компания Vantage ва Vanquish ҳамда тўлиқ электрлашган DBX кроссовери учун алоҳида 200 млн фунт (283 млн доллар)га эга бўлади.