Беларусь республикаси президенти Александр Лукашенко 23-24 июнь кунлари хизмат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.

Александр Лукашенко Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг йиғилишида иштирок этади. Ташриф давомида у хорижий мамлакат раҳбарлари билан икки тарафлама учрашув ўтказади. Бу ҳақда Беларусь президенти матбуот хизмати хабар қилади. 

"Беларусь республикаси президенти Александр Лукашенко 23-24 июнда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари Кенгашида иштирок этиш учун Ўзбекистон республикасига ишчи сафар уюштиради", — дейилган хабар матнида.

Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Беларусь илк маротаба юқори савияда кузатувчи бўлган янги мақомда қатнашади.

Бугунги кунда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ШҲТ аъзолари ҳисобланишади. Тошкент саммити вақтида Ҳиндистон ва Покистон ташкилот сафига қабул қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда Беларусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга.