АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Жон Кирбининг маълум қилишича, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Обамани Сурия армиясига зарба беришни бошлашга чақирган вакиллар билан учрашув ўтказган. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатди.

"У кўпчилик бўлмаган кишилардан иборат бу гуруҳ билан учрашув ўтказди. Учрашув тахминан 1,5 соат давом этди", деган у.

Кирби учрашувнинг бошқа тафсилотларини келтиришни истмаган.

"Мен муҳокама жараёни билан таништирмоқчи эмасман. Бу махфий жараён", дея қўшимча қилган Кирби.

АҚШ Давлат департаменти расмийсининг ишонч билдиришича, "Жон Керри бу учрашувдан яхши кайфият билан чиққан".

"У бу ташаббусни яхши қабул қилди", деган Кирби.

Бундан аввалроқ, The Wall Street Journal АҚШ Давлат департаментининг 51 нафар вакили АҚШ президенти Барак Обамани Сурияда Башар Асад режимини алмаштириш учун бу ҳукумат кучларига ҳужум бошлашга даъват этгани ҳақида хабар қилганди.

Кейинроқ, ўша вақтда Копенгагенда бўлган Жон Керри, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаши, мамлакатга қайтгач, ташаббускорлар билан учрашмоқчи экани ҳақида хабар берилди.