Маълумки, “бизнес бошқаруви” (Master of Business Administration (МВА)) дастури барча соҳа ва йўналишлар учун раҳбар кадрлар тайёрлаш бўйича жаҳонда универсал таълим дастури деб тан олинган. Ҳозирги кунда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази Ўзбекистон Республикасида МВА магистрлик дастури бўйича жаҳон андозаларига мос равишда таълим берувчи ягона давлат муассасаси бўлиб ҳисобланади.  

Марказнинг MBA мутахассислиги бўйича ўқув дастурлари хорижий мамлакатларнинг илғор бизнес мактаблари ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқилган. Машғулотлар мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, давлат органлари ва муассасаларнинг раҳбар ва мутахассислари, йирик компания ва ташкилотлар вакиллари томонидан олиб борилади. Машғулотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўказилади.  Бундан ташқари, Марказда иккинчи хорижий тил сифатида хитой, корейс ва япон тиллари JICA, KOICA ва Конфуций номидаги хитой тили ва маданияти институтининг мутахассисларини таклиф этган ҳолда ташкиллаштирилади. Магистратурани муваффақиятли тамомлаганларга бизнес бошқаруви магистри даражаси ва давлат намунасидаги диплом берилади.

Марказ ўз фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Марказий банк билан доимий асосда ўзаро ҳамкорлик қилади. Назарий тайёргарликнинг бошқарув фаолияти амалиёти билан мустаҳкам алоқасини, тингловчиларнинг хўжалик бошқаруви органларида, акциядорлик жамиятларида ва бошқа тадбиркорлик субъектларида, машҳур хорижий компанияларда ва хорижий таълим муассасаларида стажировкалар (олти ойгача) ташкил этилишини таъминлайди ҳамда Марказнинг ходимлари, республиканинг ва хорижий мамлакатларнинг олимлари ва мутахассислари иштирокида муаммоли-мақсадли мунозаралар, давра суҳбатлари, конференциялар, симпозиумлар ташкил этади.