Наманганда бадиий гимнастика бўйича “Олимпия умидлари” республика очиқ турнири бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ташкил этилган мусобақада вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 160 га яқин ёш спортчи ўзаро баҳслашди. 

Ёш спортчилар булава, арғамчи, ҳалқа, тўп, тасма каби буюмларда бажариладиган нозик машқларни мусиқа садолари уйғунлигида намойиш қилди.

Турнирнинг спорт усталигига номзод қизлар ўртасидаги гуруҳ баҳсларида Бухоро вилоятининг “Нафис” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Самарқанд ва Наманган вилояти терма жамоалари тегишлича иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.

Энг кичик иштирокчилар ўртасидаги жамоавий машқларда Тошкент шаҳри вакиллари ғолиблик шоҳсупасининг юқори поғонасини банд этди.  Қашқадарёлик кичкинтойлар иккинчи, наманганлик спортчилар учинчи ўринга сазовор бўлди.

2003-2007 йилларда туғилган спортчиларнинг шахсий беллашувларида Тошкент вилоятидан Кристина Пак, Натали Муратова, Қашқадарё вилоятидан Севинч Бозорова, Сирдарё вилоятидан Жасмина Ёрбекова, Андижон вилоятидан Ойгул Машраббоева ўз ёш тоифасида ғолиб бўлди. 

Умумжамоа ҳисобида Бухоро вилояти қизлари биринчи ўринни қўлга киритди. Тошкент шаҳри бадиий гимнастикачилари иккинчи ва Наманган вилояти терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга кубок, диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.