Кечқурун таниш йигит И.Ослановнинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Наша топиб беришини сўраб, нархини ҳам келишиб олди. И.Осланов жиянининг автомашинасида Қўқон шаҳридаги кафелардан бирининг ёнига келди. Танишидан пулни олгач, бир четда ўтиб, Д.Бўтабоевга қўнғироқ қилди. “Чарс” (гашиш) керак, деди. Сўнгра унинг Найманча қишлоғидаги уйига бориб, наша сотиб олди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

“Баҳор” тўйхонаси ёнида жиянининг машинасидан тушиб, таниши У.Атабаевнинг автомашинасига ўтирди. Унга йўлкира ўрнига наша берди. У Атабаевнинг машинасида Қўқон шаҳрига келишилган кафе ёнига қайтиб келиб, харидорга нашани бераётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланди. У.Атабаевнинг автомашинасидан эса бир ўрам наша олинди.

И.Осланов нашани Д.Бўтабоевдан сотиб олганини айтиб, ихтиёрий равишда назорат-харид тадбирида иштирок этди. Келаси куни яна телефонда боғланиб, Найманча қишлоғига борди. Д.Бўтабоев унга яна 1,45 грамм наша сотганида ушланди. Унинг хонадонида кўздан кечирилганда, сигарет қутисида наша, ертўласидан кўкнори пояси топилди. Бундан ташқари, томорқасига эккан 2 туп наша ўсимлигидан намуна олиниб, кўчатлар йўқ қилинди.

Фуқароларнинг аризалари асосида ўтказилган назорат-харид тадбирлари давомида ўзи наша чекканидан ташқари олиб сотиш билан шуғулланган С.Абдуллаев, нашаванд нашафурушларни оғу билан таъминланиб турган Ф.Тўхтасиновалар қўлга олинди.

Эс-ҳуши жойида, қилмишининг оқибатини яхши билган Флора Тўхтасинова, Илҳамжон Асланов, Саид Абдуллаев, Умид Атабаев ва Давлатжон Бўтабоевларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон туман судида кўрилди.

Ф.Тўхтасинова бирон жойда ёлчитиб ишламаган. Жон койитмай, мўмай даромад орттириш илинжида гиёҳвандлик воситаларини олиб сотиш билан шуғулланиб келган. У ўтган йил апрель ойида Қўқон шаҳрининг Аҳиллик кўчасида, Г.Нишонбоевдан (вафот этган, жиноят ишининг унга нисбатан қисми тугатилган) 70 грамм наша сотиб олган эди. Ушбу кўп миқдордаги оғуни устама нарх қўйиб сота бошлаган. Июнь ойида таниши, Данғара туманида яшовчи нашаванд Д.Бўтабоевга 10 граммини пуллаган.

Бундан ташқари, Ф.Тўхтасинова нашаванд таниши С.Абдуллаевни ҳам оғу билан таъминлаб турган. Шунингдек, у орқали бошқа бировларга пуллаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган назорат харид тадбирида харидорга 4,77 грамм нашани сотаётганида ушланган.

Суд Д.Бўтабоевга саккиз ярим йил, И.Османов ва С.Абдуллаевга етти ярим йилдан, Ф.Тўхтасиновага эса 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Автомашина ҳайдовчиси нашаванд У.Атабаев ҳам тегишли жазосини олди.