Япония ҳукумати Шимолий Кореянинг ракетавий салоҳияти ўсганини кўрсатган янги ракета учиришлари сабабли АҚШ билан биргаликда ракетага қарши мудофаа тизими имкониятларини оширмоқчи. Киодо агентлигининг маълум қилишича, бу ҳақда 22 июнь кечки пайт ўтган Япония миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида гап кетди. 

"Ўрта масофага мўлжалланган ракета учун зарур бўлган муайян кўрсаткичлар намойиш қилинди. Бу мамлакатимизда хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан жиддий хавотир уйғотади", деб айтди Токиода Япония мудофаа вазири Гэн Накатани. Вазир Шимолий Кореянинг ракетаси Японияга етиб келиши мумкинлигини билиш мақсадида берилган саволга маъқуллов жавобини берди. Биринчи марта "Мусудан" туридаги ракета 2010 йилда Пхеньяндаги ҳарбий парадда намойиш қилинган. 

Шимолий Корея 15 ва 28 апрелда ҳамда 31 майда "Мусудан" туридаги баллистик ракетани 4 марта муваффақиятсиз учирганди. 22 июнда яна иккита шундай ракета учирилди, Япония мудофаа вазирлигининг баҳолашича иккинчи ракета учирилиши муваффақиятли ўтган.