Чеченистон раҳбари мажбуриятларини бажарувчи Рамзон Қодиров Россия фуқароларини янги чиқариладиган 200 ва 2000 рубллик қоғоз пулларда Грозний масжиди ва Доғистоннинг Дарбант шаҳридаги қадимий қалъанинг тасвири акс эттирилишини қўллаб-қувватлашни сўради. 

"Чеченистон пойтахти янги Россия, унинг тикланиши, жасурлик, матонат ва бизнинг кўп миллатли Ватанимиз – Россия халқларининг иродасини акс эттиради. Грозний дунё, барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва дўстлик шаҳрига айланди", деб айтди Қодиров.  

Бу орада владивостоклик ташаббус гуруҳи Россия Марказий банкига Владивосток тасвири туширилган 2000 рубллик қоғоз пулни муомалага чиқаришни таклиф қилмоқчи. Фаолларнинг ишонишича, бундай янги қоғоз пуллар россияликларга "одатий рублларни янгича кўриш" имконини беради.

Россия банки 2017 йилдан янги қоғоз пулларни муомалага чиқаришни режалаштирмоқда. Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллинанинг айтишича, янги қоғоз пуллар фуқароларнинг маҳсулот ва хизматларга тўловни амалга оширишини соддалаштиради.