Россия давлат думаси 3-ўқишда хорижий мухлисларга Россияга 2018 йилги жаҳон чемпионатига мухлиснинг персоналлашган картаси, ёки бошқача мухлис паспорти (fan-ID) сифатида маълум бўлган ҳужжат билан киришларига имкон берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди, бунда виза талаб қилинмайди.  

Ушбу чора жаҳон чемпионатининг биринчи учрашуви ўтказиладиган санадан 10 кун олдин амал қилади ва охирги учрашувидан 10 кун кейин амал қилиши тўхтайди. Fan-ID’дан ташқари, "шахсни билдирувчи ва бу сифатида Россияда тан олинувчи ҳужжат" ҳамда учрашувга кириш чиптаси ёки уни олишга ҳуқуқ берувчи ҳужжат тақдим қилиниши керак бўлади.

Жаҳон чемпионати тадбирларида иштирок этувчи хорижликлар ҳамда ФИФА рўйхатига киритилган футболчиларнинг визасиз тартиби визани соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш билан ўзгартирилади. Хусусан, бу фуқароларга Россия ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинган қарорлар, "Россия-2018" ташкилий қўмитасининг илтимоси асосида ҳужжатлар топширилгандан кейин уч иш куни ичида ва бу шахслар ФИФА рўйхатига киритилган бўлса, консуллик йиғимисиз расмийлаштирилади. Бу тартиб 2018 йилнинг 31 декабригача амал қилади.

Шу билан бирга тадбирларда иштирок этувчи ва спорт мусобақаларининг иштирокчилари ҳисобланмайдиган хорижликлар Россияга кўп маротабалик оддий ишчи визалар билан кириб-чиқиб кетаверадилар. Бу визалар бир йилгача муддатга, кейинчалик ташкилий қўмита илтимоси билан узайтирилиш имконияти билан берилади.

ФИФА, унинг шўъба ташкилотлари ва контрагентлари, конфедерациялар, миллий уюшмалар, Россия футбол иттифоқи, "Россия-2018" ташкилий қўмитаси томонидан жалб қилинадиган хорижликлар Россияда патент олмаган ҳолда ишлай оладилар.

Мухлислар, волонтёрлар ва ФИФА рўйхатига киритилган шахслар шаҳар ичида ва шаҳар атрофида ҳаракатланувчи автобуслар, троллейбуслар, электричкалардан спорт мусобақалари ўтадиган йўналишлар бўйича ҳамда метродан бепул фойдалана оладилар, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.