Украина Олий радаси депутати Надежда Савченконинг баёнот беришича, Россияга нисбатан иқтисодий санкциялар босқичма-босқич бекор қилиниши лозим. У, Deutsche Welle телеканалига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритган. 

«Мен ҳам санкциялардан Россия ва Европадаги оддий одамлар азият чекаётганидан ўзимни ноқулай ҳис қилмоқдаман. Фикримча, санкциялар алоҳида шахсларга қаратилиши керак. Иқтисодий жазо чораларини вақти келиб аста-секинлик билан бекор қилишар», — деган Савченко.

21 июнь куни ЕИ мамлакатлари вакиллари Россияга қарши санкциялар муддатини узайтиришга келишиб олишган эди. Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер, жазо чоралари билан боғлиқ масала ҳал этилганини таъкидлаб, ярим йил давомида у бирмунча юмшатилиши мумкинлигини айтган эди. 

Қайд этиш жоизки, ЕИнинг Венгрия, Кипр, Греция, Италия ва Словакия каби аъзолари санкцияларнинг бекор қилиниши тарафдори ҳисобланади.