Ҳиндистон, Покистон ва Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиш масалалари, ташкилотнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтажак юбилей саммитида муҳокама этилади. Анжуман ишида Россия президенти Владимир Путин ҳам иштирок этади, деб маълум қилган Россия етакчиси ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Унинг айтишича, Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилиш жараёни давом этмоқда ва у якуний босқичга кирган. "Улар, ташкилотнинг 2017 йили Қозоғистонда бўлиб ўтажак саммитида тўлиқ қабул қилиниши кутилмоқда", - деган Ушаков.

Эроннинг ШҲТга аъзо бўлишига тўхталган Ушаков, расмий Кремль бу мурожаатни рад этиш учун ҳеч қандай асос кўрмаётганини таъкидлаган.

"Эроннинг ШҲТга аъзолик борасида берган аризасини давлат раҳбарлари ёпиқ эшик ортида муҳокама қилишса керак", - дея аниқлик киритган Россия президенти ёрдамчиси.