БМТ бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва Дейвисдаги Калифорния университети олимларининг хулосаларига кўра, молиявий ёрдам олаётган қочқинлар, уларни қабул қилаётган мамлакат иқтисодиёти ўсишига ижобий таъсир этиши мумкин. Тадқиқот натижалари, Proceedings of the National Academy of Sciences журналида эълон қилинган. 

Янги илмий тадқиқотда Руандадаги конголик қочқинлар жойлашган 3та лагер мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир этгани ўрганилган. Лагерлардан иккитасидаги қочқинларга молиявий ёрдам кўрсатилган бўлса, бирига озиқ-овқатлар тарқатилган. 

Олимларнинг аниқлик киритишича, лагерларнинг мавжудлиги 10км радиусдаги аҳоли пунктлари ривожига ижобий таъсир этган. Молиявий ёрдам олган ҳар бир қочқин маҳаллий аҳолининг даромадини 63 фоиздан 96 фоизгача оширган. Қочқинлар йилига 120 ва 126 доллардан олишган бўлса, маҳаллий аҳолининг даромади 204 ва 253 долларга кўпайган. Бунга қочқинлар маҳаллий аҳоли етиштирган маҳсулотлар ва улар кўрсатадиган хизматлардан фойдалангани сабабдир. 

Озиқ-овқат ёрдами олган лагер атрофида эса бундай самара кузатилмаган. Маккажўхори, боб, туз, ўсимлик ёғи кабиларни олган қочқинлар аксинча маҳсулотларни маҳаллий бозорда сотишган. Бу эса аксинча тубжой аҳоли билан рақобатга олиб келган.