Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида Покистон президенти Мамнун Ҳусайн бошчилигидаги делегация ташриф буюради. Бу ҳақда Покистон ТИВ сайти хабар тарқатди.

"Президент Мамнун Ҳусайн Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтказиладиган саммитида иштирок этувчи делегацияга бошчилик қилади", дейилган хабарда.

Қайд этилишича, президент ташрифи дастуридан саммит доирасида бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ўрин олган.

Покистон ТИВ хабарига кўра, саммит вақтида Покистон Ташқи ишлар вазири Сартож Азиз Афғонистон ТИВ раҳбари Салоҳиддин Раббоний билан учрашиб, музокара ўтказади. Бу учрашувда ўтган ҳафтада икки мамлакат чегарасида жойлашган Торҳам пунктида рўй берган отишмалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

2015 йилда Ҳиндистон билан бирга Покистонни ШҲТ таркибига қабул қилиш бўйича жараён бошланганди. Тошкентдаги саммитда бу икки давлатнинг ташкилотга расман қабул қилиниши кутилмоқда.

Бундан олдинроқ, Тошкент саммитига келадиган Ҳиндистон делегациясига ушбу мамлакат бош вазири Нарендра Моди раҳбарлик қилиши маълум бўлганди.