22 июнь куни Тошкент шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар маданият вазирларининг мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилган.

Унда Қозоғистон маданият ва спорт вазири ўринбосари Г.А.Ахмедяров, Хитой маданият вазири Ло Шуган, Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири А.А.Максутов, Россия маданият вазирининг биринчи ўринбосари В.В.Аристархов, Тожикистон маданият вазири Ш.Ш.Орумбекзода, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Б.Ахмедов ва ШҲТ бош котиби Р.К.Алимов иштирок этди.

Мажлисда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг маданият соҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги давлатлараро Битим (Бишкек, 2007 йил 16 август) ва маданият вазирлари йиғилишидаги келишувларнинг ижроси ҳақида фикр алмашилди.

Мажлис қатнашчилари томонидан ШҲТ доирасида келгусида маданий алоқаларни ҳамкорликда янада ривожлантириш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматнинг мустаҳкамланиши, турли халқлар ва динларнинг бирдамликда камол топиши, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг кўп асрлик анъаналари ва урф-одатлари бўйича билимларни кенг тарғиб қилишга эришиш лозимлиги билдирилди.

ШҲТ кузатувчи давлатлар ва ҳамкор томонлар билан маданият ва санъат соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, мажлисда маданий бойликларни талон-тарож қилиш ҳамда уларни ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиш, архитектура йодгорликларини реэстри ва маълумотлар базасини яратиш, маданий йодгорликларни муҳофаза қилиш, ноёб санъат асарларини таъмирлаш-тиклаш ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорликни жонлантириш масалалари келишилди.

ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2017 йил 22 июнь куни Остона шаҳрида ўтказилиши тўғрисидаги Қозоғистон томони таклифи кўриб чиқиш учун қабул қилинди.