Туркия ҳукумати Сурия билан чегарада ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа тизими жойлаштириш ва уни синовдан ўтказишни режалаштирган. Бу ҳақда Defense News Туркия хавфсизлик хизматидаги манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатган.

Манбанинг маълумотига кўра, янги тизимлар мамлакат жанубидаги Килис вилояти ҳудудига ўрнатилади. Гап Serhat номли миномётга қарши радарли тизим, шунингдек HIMARS номли тезкор-тактик ракета-артиллерия тизим ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, Сурия билан чегарага 70 км масофада кичик дирижабллар партуллик қилади. Нашрнинг эслатишича, Туркиянинг Сурия билан чегарасининг умумий узунлиги 900 километрни ташкил қилади.

"Биз чегаранинг бу қисмини жиддий қўриқлашимиз керак. Ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа тизими вазият кутиш ёки ҳужумга ўтишдан кўра самаралироқ ҳисобланади", деган ҳарбий амалдор.

Тахмин қилинишича, бу чоралар Газиантеп, Хатай, Мардин ва Шанлиурф вилоятлари ҳимояси учун кўрилмоқда.