Туркиянинг Мраморномор ҳудудидаги кўп қаватли биноларнинг бирида  ўт ўчирувчилар қарийб бир ой қолиб кетган эркак жасадини топишди. Бу ҳақида 21 июнь куни Hurriyet Daily News хабар бермоқда.

61 ёшли Мустафо Аҳмад Текдоғаннинг жасади бинонинг биринчи қаватида жойлашган озиқ-овқат дўкони эгаларининг ёқимсиз ҳиддан арз қилиши туфайли  топилган. Улар бу ҳид хонадондан келмоқда, деб ўйлашган.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари уйни очиб кўришган ва у ердан ҳеч кимни топа олишмаган. Бироқ ҳид лифтдан таралётганини пайқаб қолишган. Улар шахтага кириб, бешинчи ва олтинчи қаватлар орасида тиқилиб қолган лифтни кўришган. У ерда эса жонсиз одам танаси топилган. Экспертлар фикрича, жасад у ерда энг камида 25 кун ётган. 

Нашрнинг қайд этишича, вафот этган киши бир ўзи яшаган. Шу сабабли унинг тиқилиб қолганини ҳеч ким пайқамаган. Шунингдек, унинг қўл телефони ҳам бўлмаган. Баланд овозда бақиришга эса соғлиғи йўл қўймаган.  Hurriyet Daily News қайд этишича, эркак 1999 йилда содир бўлган зилзила оқибатида оиласини йўқотгач, руҳий ҳасталикдан азият чекиб келган.