Ўзбекистоннинг иккита йирик магистрал газ қувурини ўзаро бирлаштириш билан боғлиқ умумий қиймати 120 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси тасарруфидаги “Урганчтрансгаз” шўъба корхонаси, “Жанубгазқурилиш” акциядорлик жамияти, “Нефтгазмонтаж” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудидан ўтадиган мазкур газ қувурининг узунлиги 74 километрни ташкил этади. 1020 миллиметрли ушбу газ қувурининг 850 метрлик қисми Амударё ўзанининг 20 метр остидан горизонтал қия бурғулаш усули билан ўтказилмоқда.

Уч босқичдан иборат бу ишга 500 га яқин ишчи-муҳандис ва мутахассислар, 200 дан ортиқ махсус техника жалб қилинган. Дарёнинг остки қисмида горизонтал қия бурғулаш ишлари ноёб қурилиш усулларидан бири бўлиб, у илгари хорижий давлатлар компаниялари ва чет эллик мутахассислар томонидан амалга ошрилган. Ҳозир эса бу ишларнинг барчаси маҳаллий мутахассислар томонидан бажарилмоқда.

Икки йирик газ магистралини боғлайдиган ушбу тармоқ 52 канал, коллектор, автомобиль ва темир йўлларни кесиб ўтади.
Амударё соҳилида бурғулаш ишларининг бошланишига бағишлаб ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.