Пентагонда АҚШ ва Эстония ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишув имзолагани маълум қилинди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

"АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари Жеймс Таунсенд ва Эстониянинг АҚШдаги элчиси Еерик Мармей АҚШ ва Эстония мудофаа вазирликлари ўртасида тадқиқотлар, ривожланиш, синовлар ҳамда баҳолаш ҳаракатларини ўтказиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳақидаги келишувни имзолашди", дейилмоқда АҚШ мудофаа вазирлиги хабарида.

Таъкидланишича, бу келишув "кенг йўналишлар спектри билан боғлиқ мудофаа имкониятлари ривожланишида ҳамкорликка кўмак беради". 

"Бундан ташқари, келишув ишчи гуруҳларини яратиш ҳамда ҳамкорлик ва инновацияларни яхшилаш учун ускуна ва материаллар билан ўзаро алмашишни кўзда тутади", деб қўшимча қилинди мудофаа вазирлигида.

Аввалроқ Эстония ҳудудида НАТО давлатларининг Saber Strike ҳарбий машғулотлари ўтаётгани маълум қилинганди. Бу НАТОнинг Болтиқбўйи давлатларидаги охирги вақтдаги энг йирик манёврлари бўлди.