Япония ҳукумати ва молиявий муассасалари Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий ва иқтисодий зарбаларини бартараф қилиш учун фавқулодда чоралар кўришмоқда. Бу ҳақида "Никкэй" газетаси хабар берди. 

Мамлакатнинг молия вазирлиги қўшимча талаб юзага келганда ва спекулянтлар оммавий ҳужум қилган тақдирда етакчи банкларга муҳим қўшимча хорижий валюта захираларини яратиш вазифасини юклади. 

"Ҳукумат вакиллари Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши омонатчилар ҳамда фунт стерлинг асосидаги қимматли қоғоз эгалари орасида ваҳима кўтарилишга сабаб бўлиши мумкинлигидан қўрқишмоқда" дейилади газетада. 

Бир вақтнинг ўзида валюта операциясини амалга оширувчи хусусий компаниялар уни сотиб олиш ва алмаштиришга вақтинчалик чеклов қўйишди - айниқса, бу фунт ёки евро билан боғлиқ бўлса. Мижозлар ҳаддан зиёд кучли зарбалар юзага келган тақдирда операциялар вақтинчалик умуман тўхтатилиши мумкинлигидан хабардор қилинди.