БМТнинг Женевадаги идораси Швейцария ва Европа мамлакатларидаги ҳимоя даражаси ўзгаргани туфайли хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Бу ҳақида БМТ матбуот хизмати маълум қилди. 

Ҳужжатга кўра, 22 июндан бошлаб БМТнинг Женевадаги бўлими ҳудудига кирувчи машиналар танлаб текширилади. Шунингдек, Ташкилотнинг Европадаги штаб-квартирасига ташриф буюрувчи ходимлар ва меҳмонлар текшируви кучайтирилади.

"Танлов назоратига келажакда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хавфсизлик стандартларига тўлиқ мувофиқ келувчи янги чора-тадбирлар киритилишидан олдинги дастлабки чора сифатида қараш лозим, унга кўра, БМТ ҳудудига кирадиган барча транспорт воситалари тўлиқ текширилади ва ташкилот биносига киришда янада жиддий назорат йўлга қўйилади", дейилади Женевадаги БМТ бўлими бош директори Майкл Мёллернинг хабарида. 

БМТнинг Женевадаги бўлими қўриқчиларининг РИА "Новости"га хабар қилишича, Европа ва Швейцарияда террор фаоллигининг ўсиши ҳамда бу мамлакатлардаги аҳоли ҳимояси даражасининг оширилиши муносабати билан у ердаги хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.