Буюк Британияда 23 июнь куни, маҳаллий вақт билан соат 07:00да (Тошкент вақти билан соат 11:00) қиролликнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши бўйича референдумда овоз берувчилар учун сайлов участкалари очилди.

The Independent хабарига кўра, участкалар ярим тунгача (маҳаллий вақт билан соат 02:00гача, Тошкент вақти билан 24 июнь, соат 06:00) очиқ бўлади ва кейин овозларни ҳисоблаш бошланади. Якуний натижалар 24 июнь куни тонгида марказий штаб жойлашган Манчестер шаҳрида эълон қилинади.

Референдумда сайловчилар (46,5 миллион киши, шундан 24,1 минг киши Гибральтарда) "Буюк Британия қироллиги Европа Иттифоқи таркибида қолиши керакми?" (Vote Leave - Чиқиш, Remain - Қолиш) саволига жавоб қайтаришлари керак бўлади.

Сайлов участкаларида сайлов комиссияси вакиллари ҳамда кузатувчилар фаолият кўрсатмоқда.

Овоз беришлар олдидан ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, қироллик ЕИ таркибида қолишини ёқловчилар сони нисбатан кўпроқни ташкил қилмоқда.

22 июнь куни Times нашри буюртмасига кўра сўров ўтказган YouGov фирмаси маълумотига кўра, британияликларнинг 51 фоизи Буюк Британиянинг ЕИдан чиқишига қарши, 49 фоиз сўралувчи "ҳа" деб жавоб берган. Бу фирма ўтказган аввалги сўровномада иштирокчиларнинг кўпчилик қисми ЕИда қолишга қарши чиққанди.

Британиянинг ЕИдан чиқишига қаршилар - ҳукумат аъзолари ва йирик тадбиркорлар ҳисобланишади. Улар ЕИдан чиқилса, истеъмол маҳсулотлари нархи ҳамда солиқлар ошиши ортидан иқтисодий инқироз юзага келишидан хавфсирашмоқда. Улар референдум арафасида ташвиқот кампанияларини кучайтиришди. Brexit тарафдорлари ўз мухолифларини аҳолини қўрқитиш ва ахборот манипуляциясида айбламоқда.

Мамлакат бош вазири Дэвид Кэмерон Европа Иттифоқи таркибида қолиш тарафдорлари бошида турибди. У 2015 йилнинг майида қайта сайланганида шу ҳақда ваъда берганди. У мамлакатни блок таркибида сақлаб қолиш учун фаол равишда ҳаракат қилиб келмоқда.