Туркия мамлакатга Европа Иттифоқига кириш бўйича музокаралар жараёнини давом эттириш кераклигини аниқлаш бўйича референдум ўтказиши мумкин. Бу ҳақда 22 июнда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулдаги нутқи давомида айтиб ўтди.

"Европа Иттифоқи бизни таҳқирламоқда. ЕИ бизга 1963 йилда расман ваъда берган, бироқ ҳали ҳам бу жараённи тормозламоқда. Агар ЕИ террорчилик мавзусидан (турк аксилтеррорчилик қонунчилигини ўзгартириш) оғишса, биз халққа вазиятни осон тушунтирамиз. Ва миллатдан ЕИга кириш бўйича музокараларни давом эттириш ёки йўқлигини сўраймиз", деб айтди Эрдўған.

Эрдўған "Европа Туркияни асосан мусулмон давлат бўлгани учун қабул қилишни истамаётганига" ва бунда таҳқирлаш аломати борлигига ишора қилди.

Эрдўған, шунингдек, ЕИ раҳбарияти "агар Туркия қочқинларга чегараларни очса ва улар Европага қараб кетса, нима бўлишини ўйлаб кўриши кераклигини" эслатиб ўтди. "Биз визаларнинг бекор қилинишисиз аввалгидек яшайверамиз. Бироқ Европа давлатлари ҳаётлари реадмиссия ҳақидаги келишувга, у берадиган имкониятларга боғлиқ бўлган миллионлаб қочқинларнинг умидлари синиши ҳолатини совуққонлик билан қабул қила олармикин?", деб айтди Эрдўған.  

Реадмиссия (давлатнинг ўз фуқароларини ортга ўз ҳудудига қабул қилишга розилиги) ҳақидаги келишув виза тартибини эркинлаштиришнинг муҳим жиҳати ҳисобланади ва Туркия ва ЕИ ўртасида ноқонуний миграция ва террорчиликка қарши кураш соҳасида келишувларнинг амалга оширилишига самарадорлик қўшиши мумкин. Аввалроқ Эрдўған визаларнинг бекор қилиниши ҳақидаги музокараларнинг барбод бўлиши вазиятида реадмиссия ҳақидаги келишув Туркия парламентида ўтмаслигини айтганди.