Ҳиндистон ва Покистон таркибга қабул қилиниши эвазига Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг жами ЯИМ ҳажми деярли 2 баробар ортади ва 20 трлн долларга етади. Бу ҳақда Россия президентининг ШҲТдаги махсус вакили Бахтиёр Хакимов журналистларга маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ШҲТнинг 6 мамлакати (РФ, Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон)нинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 12 трлн долларни ташкил этади.

"Ҳиндистон ва Покистон қўшилиши эвазига бу миқдор 20 трлн долларга етади", деган Хакимов.

У шунингдек, бу қўшилишдан кейин ШҲТ таркибига кирувчи мамлакатларнинг жами аҳолиси сони 3 млрд кишига етишини таъкидлаган.

Хакимов Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қабул қилиниши терроризмга қарши кураш ва минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги имкониятларни кенгайтиришини, шунингдек, иқтисодий соҳалардаги имкониятларни оширишига ҳам хизмат қилишини қўшимча қилган.

Унинг ишонч билдиришича, ШҲТ таркиби кенгайиши бирлашмани янги даражага кўтаради.