Ҳиндистон, Покистон ва Эронни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тенг ҳуқуқли аъзолар сифатида қабул қилиш эҳтимоли, Евроосиё иқтисодий ҳудудини ривожлантиришда муҳим босқич бўлади. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ТАСС бош директори биринчи ўринбосари Михаил Гусманга берган интервьюсида шундай фикрларни билдирган.

"Шанхай ҳамкорлик ташкилоти - Евро-Осиё минтақасидаги муҳим бирлашмадир. ... Ҳозирги кунда у муҳим босқични бошидан кечирмоқда - Тошкентда биз иккита янги аъзолар: Ҳиндистон ва Покистонни қабул қиламиз.  Эроннинг аъзолигига оид шартларни муҳокама этамиз. ... Буларнинг бари замона чақириқларига муносиб жавобдир", - деб қайд этган Қозоғистон давлат раҳбари.

Назарбоевнинг фикрича, АҚШ саъйи ҳаракатлари билан Тинч океани ва Трансатлантика минтақаларида эркин савдо ҳудудларнинг ташкил этилиши, Евроосиё мамлакатларида муқобил иқтисодий блокни шакллантириш масаласини кун тартибига чиқармоқда.  

23 июнь куни ШҲТ ўзининг 15 йиллигини нишонлайди. Ташкилот, жаҳон аҳолисининг 44 фоизига эга 18та давлатни бирлаштиради. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Хитой ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзолари ҳисобланади. Афғонистон, Белоруссия, Ҳиндистон, Эрон, Мўғилистон ва Покистон расмий кузатувчилар мақомига эга бўлса, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка давлатлари мулоқотдаги ҳамкорлар ҳисобланади.