АҚШ Давлат департаменти Сурия ҳукумат қўшинларига "Югославия сценарийси" бўйича ҳаво зарбалари бериш ғоясини илгари сураяпти, деб ёзмоқда The New York Times нашри. Газета ўтган ҳафтада Давлат департаментининг 50дан ортиқ ходими имзолаган ва президент Барак Обамага йўлланган мактуб нусхасини қўлга киритган. 

«Биз АҚШнинг Сурияда масофадан бошқариладиган ва ҳаво қуролларидан фойдаланган ҳолда ҳарбий амалиётлар ўтказишда фаолроқ бўлишида маъно бор, деб ўйлаймиз. Бу, ўз навбатида, АҚШ раҳбарлигида мақсадли ва агрессив дипломатик жараённи ўтказишга имкон берган ва туртки берган бўлар эди», — дейилади мактубда. 

Изоҳ берилишича, гап Сурия армиясининг жавоб беришига имкон қолдирмайдиган ҳамда узоқ масофадан учириладиган қанотли ракеталар ҳақида бормоқда. 

NYTнинг қайд этишича, АҚШ етакчилигидаги НАТО коалицияси 1999 йилда Югославияда ўтказган ҳарбий амалиёти чоғида қўллаган шундай чоралари, Югославия ҳукуматини Косовонинг мустақиллик эълон қилиши билан якунланган музокараларни бошлашга мажбур қилган эди.  

Бироқ мақола муаллифининг фикрича, Сурияда бу каби чоралар ёрдам бермаслиги мумкин. Чунки Россия ва Эрон ушбу давлатдаги жараёнларга фаол аралашмоқда. Улар Америка зарбаларига нисбатан Сурия кучларини қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтиришлари эҳтимоли юқори. 

Бундан ташқари, ИШИДга қарши муваффақиятли курашиш учун ҳам Сурия армиясига зарбалар бериш лозим. Шунда мухолифат кучлари бор кучини заифлашган ҳукумат қўшинларига эмас, ИШИДга қарши курашга қаратади. 

NYT нашрига кўра, бу ҳолда Суриядаги турли гуруҳлар ҳокимият учун ўзаро курашни авж олдириб юбориши ҳам турган гап. Ахир Афғонистондаги 1992 йил, Ливиядаги 2011 йилги воқеалар бунинг исботи бўла олади.