КХДР АҚШ Жанубий Кореядан дарҳол ўз қўшинларини олиб чиқиб, бу минтақадан ядровий қуролини йўқ қилишни талаб қилмоқда. Бу ҳақида "Нодон синмун" газетасида чоп этилган ЦТАК агентлигининг изоҳида маълум қилинган. 

Унда таъкидланишича, Қўшма Штатларнинг провакацион ҳаракатлари "Корея яриморолида хавфли вазиятни" юзага келтирмоқда. Американинг "Миссисипи" атом сувости кемасининг Жанубий Кореядаги Пусан портига келтирилиши ҳамда 17 июнда у ердаги ҳаво кенглигида ўтказилган В-52 стратегик бомбардимонлари иштирокидаги ҳаракатлари Пхеньянда қатъий норозилик туғдирди. 

Манба хабарига кўра, АҚШ Корея яримороли ва Шимоли-Шарқий Осиёга алоҳида эътибор қаратиб, бу минтақада ўзининг салоҳиятли рақиблари - Россия ва Хитойнинг таъсири ўсишини чеклашга ҳаракат қилмоқда. АҚШ шу мақсадда ушбу минтақада ҳарбий кучларини оширмоқда ва ҳар йили Жанубий Кореядаги америкалик ҳарбийлар иштирокида кенг кўламли ҳаракатлар олиб бормоқда. Изоҳ муаллифлари бундай вазиятда Вашингтоннинг Пхеньяндан ядровий қуролдан воз кечишни талаб қилиши "ўринсиз", деб ҳисоблашмоқда. 

"АҚШ Халқ Республикасига нисбатан душманона сиёсатни олиб бориб, Жанубий Кореяда ўз қўшинларини ушлаб туришда давом этар экан, КХДР ядровий салоҳиятини ошираверади", - дея огоҳлантирди ахборот агентлиги. 

Корея Республикасида америкалик 28,5 минг нафар ҳарбий мавжуд.

Америка ҳарбийларининг Жанубий Кореяда фаолият кўрсатиши 1950-1953 йилларда бўлиб ўтган Корея урушидан кейин одат тусига кирган. Уруш ярашув билан тугаган бўлса-да, расман Шимол ва Жануб душманлик шукуҳини сақлаб қолишган.