Пентагон раҳбари Эштон Картер журналистларга Шимолий Кореянинг охирги ракета синовлари минтақада иттифоқдошларни ҳимоя қилиш учун ракеталарга қарши мудофаа тизимини ривожлантиришни давом эттириш зарурлигидан дарак беришини айтди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

"Мен синовлар муваффақиятли бўлганини билмайман. Мен Шимолий кореяликлар бундан нимани мақсад қилганларини ҳам билмайман. Исталган вазиятда, синовлар муваффақиятли бўлган-бўлмаганидан қатъий назар, бу ишни давом эттириш зарур", деб айтди Картер Кентуккида.

Унинг айтишича, ракеталарга қарши мудофаа тизими Жанубий Корея ва АҚШнинг Корея яриморолидаги қўшинларини, Япония ва АҚШ ҳудудини ҳимоя қилиши керак.

Таъкидланишича, Шимолий Корея томонидан учирилган ракеталар одатдагидан узоқроққа учган, бу эса бир қатор муваффақиятсизликлардан кейин қандайдир муваффақиятга эришилганидан далолат беради. 

ОАВ маълумотларига кўра, Пхеньян 22 июнда иккита "Мусудан" туридаги баллистик ракета учирган. Шимолий Корея телевидениесида ракета муваффақиятли учирилгани ва у Hwasong-10 деб номланиши айтилган.