Пхеньянда 22 июнда ўтказилган, ўрта масофаларга мўлжалланган баллистик ракета синовлари "муваффақиятли" деб аталди, деб хабар бермоқда "Рёнхап" ахборот агентлиги.  

Корея марказий телевидениеси мамлакат фуқароларига Hwasong-10 номли стратегик ракета муваффақиятли учирилганини маълум қилди.

Аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореянинг ракеталар учириши бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказиши маълум бўлганди.

Сеул маълумотларига кўра, Шимолий Корея ҳарбийлари шарқий соҳилбўйидан иккита "Мусудан" ракетасини учирганлар, улардан бири 400 км учиб ўтган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шахсан ракета синовларида иштирок этди.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ракета учирилишларини АҚШга ҳужум қилиш имконияти билан боғлади. У Тинч океанидаги АҚШ манфаатига кирувчи объектларга ҳужум қилиш имконияти борлигини айтди.

Шимолий Кореянинг Корея Марказий телеграф агентлиги синовлар қўшни давлатлар хавфсизлигига таъсир қилмаганини маълум қилган.

Назарий жиҳатдан бу ракеталар АҚШ эгалик қилувчи ҳудуд мақомига эга Гуам оролигача етиб бориши мумкин.